Тошкент вилояти, Паркент тумани, “Хўжа” маҳалласи, Ҳунарманд кўчаси 47-уйда яшовчи Насиба Бегматова 2022 йилнинг 16 сентябр куни ўз уйининг ҳовлисида ҳожатхона қуриш учун ўра қаздираётганда кўкариб занглаб кетган мис тангалар хазинаси топилди. Ушбу тангалар маҳалла раиси, маҳалла профлактика нозири, уй эгалари ва археолог гувоҳлигида саноқдан ўтказилиб уларнинг сони 939 та эканлиги аниқланди. Улар ўрганиш ва давлатга топшириш учун олинди.
Тангаларни дастлабки ўрганиш узоқ вақтлар давомида ер остида, нам тупроққа қоришиб чириганлиги сабабли уларнинг ҳар иккала томонининг юзалари текисланиб кетганлигини кўрсатди. Тангаларнинг айримларига ишлов берилиб, тозаланиши уларда доира шаклдаги ҳалқа ва унинг ичига араб ҳарфларидаги ёзув битилганлиги маълум бўлди. Тангаларга зарб саёз урилганлиги ҳам улардаги ёзувлар яхши кўринмаслигига сабаб бўлди. Тозаланган тангалардан айримларининг бир томонида “зарб Тошкент ( )” ёзувигина ўқилди. Иккинчи томонини ўқишнинг имкони бўлмади. Аммо, авваллари аниқланган, айнан уларга ўхшаш тангалар билан қиёсий таҳлил янги топилган хазинанинг 16-аср охири – 17-аср бошларига тегишли эканлигини кўрсатди.
Мазкур тангалар келажакда Ўзбекистон музейлари кўргазмаларидан муносиб жой олади ва уларни илмий ўрганиш тарихимизнинг айрим жиҳатларини тўлдиришга ҳизмат қилади.
Фанлар академияси Миллий археология маркази
катта илмий ходими Дилмурод Нормуродов