
Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази, Темурийлар тарихи давлат музейи ва Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Яккабоғ туман муассасаси ходимлари ҳамкорликда Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани, «Учтепа» ва «Олақарға» МФЙ оралиғида «тупроққа кўмилиб бораётган» мақбарада қазиш ишлари олиб бордилар.

Ёдгорликнинг катталикдаги 11х7 метр бўлган майдонида қазиш ишлари олиб борилди. Ушбу қазишма майдонининг устидаги тупроқлари орасидан пишиқ ғишларнинг синиқлари, оқ рангдаги қир (алебастр, гипс) қоришмасининг бўлаклари ва кукунлари, оқ, кўк, тўқ кўк рангда сирланган ҳамда ўсимликларнинг тасвири туширилган меъморий қопламаларнинг намуналари топилди. Майдоннинг 0,3-0,6 метр чуқурлигидан ўлчами 26х26х4,5-5 сантиметр бўлган пишиқ ғиштлар тўшаб чиқилган сатҳ очилди.



Қазишма ишларида қазишма олиб борилаётган майдоннинг остки қисмига 25х25х5 сантимерт ўлчамдаги пишиқ ғиштларнинг орасига 1 – 2 сантиметрлик қалинликдаги қир қоришмаси қўйиб терилган, эни ва узунлиги 4,75 метр, тархи 12 бурчакли, шифти гумбаз, гумбазнинг энг бадланд жойигача 2 метр бўлган ер ости мақбараси тупоқ, мақбара қурилишида ишлатилган ғишлар ва чиқиндилардан тозаланди. Бу мақбаранинг кириш эшиги жанубда жойлашган бўлиб, унинг ана шу кириш томонидан ташқари уч томони “меҳроб” кўринишида 75 сантиметрга кенгайган. Хонанинг шарқ томонидаги меҳробнинг юқори қисми қулаб тушган ва тешик ҳосил бўлган. Хона шифтининг ўрта қисмида ҳам туйнукча бор. Мақбаранинг ўрта қисмида шимолдан жануб томонгача узунлиги 2,5 метр, шарқдан ғарбга томон кенглиги 0,7 метр бўлган қабр ўрни жойлашган. У ёрма қабр бўлиб, пол сатҳини тозалаш жараёнида унинг устига қўйилган ёғоч чириндиларига дуч келинди.


Яккабоғдаги мақбарада олиб борилган археологик тадқиқотларда қўлга киритилган ашёлар, хусусан, қурилишда ишлатилган пишиқ ғиштларнинг ўлчамлари ва тузилиши унинг Амир Темурнинг ҳукмронлиги даврига тўғри келишини кўрсатади. Ушбу ер ости мақбараси Шаҳрисабзда жойлашган “Дор ус-саодат” мажмуаси таркибидаги Соҳибқирон Амир Темурнинг ўзи учун қурдирган ва унга дафн этилмаган, ҳозирда ўғли Жаҳонгир Мирзонинг қабри жойлашган мақбаранинг тархи тузилишига айнан ўхшаш. Шунингдек, текширилган мақбара ички томондан тарҳ тузилишига кўра, Самарқандда жойлашган Шоҳизинда мажмуасидаги Хўжа Аҳмад, уста Олим Насафий, Шоди Малик ота, Ширинбек оқа мақбарларининг тузилишга ҳам ўхшаш. Ўрганилган мақбарадан топилган сирланган ва безак берилган меъморий қопламалар ҳам Амир Темур даврида Кешдаги Оқсарой, Самарқанддаги Кўксарой, Бибихоним, Шоҳизинда сингари меъморий ёдгорликларникидан фарқ қилмайди. Шунга кўра Яккабоғдаги мақбаранинг қурилиш даврини 14 асрнинг 4-чораклари – 15 асрлар бошлари билан белгилаш мумкин. Мақбара эса нуфузли “барлос бекларидан бирининг” мақбараси бўлган. Чунки ёдгорлик жойлашган ҳудудлар ўша даврда барлос бекларининг қарамоғида бўлган. Барлос уруғидан бўлган Амир Темур ҳам текширилган мақбарадан унча узоқ бўлмаган Хўжаилғор қишлоғида туғилганлиги эътироф этилади. Бу юқоридаги фикрга асос бўлиб ҳизмат қилади.
Дилмурод Нормуродов,
Ўзбекистон Фанлар академияси
Миллий археология маркази ва
Темурийлар тарихи давлат музей
катта илмий ходими